Бу касалликнинг ўзбекчасига «помидор меваларининг жигарранг доғланиш вируси» ҳисобланади. Ушбу вирус тури нафақат иссиқхонадаги, балки очиқ даладаги помидор ва булғор қалампирига ҳам катта зиён келтириши мумкин. Улар кўпроқ уруғлар орқали тарқалади.
ToBRFV вируси Мексика, Англия, Германия, Греция, Италия, Нидерландия, Иордания, Исроил, Фаластин, Туркия ва Хитой каби мамлакатларда рўйхатга олинган.
Касалликнинг илк аломатлари помидор баргларининг мозаикасимон ранг олишидан, деформацияланишидан бошланади. Барглари рангсиз ёки доғли, буришган, сарғайган ва турли хил рангда бўлиши мумкин.
Баргларда хлороз ривожланади, тўқ яшил шишлар ҳосил бўлади. Помидор меваларида сариқ-яшил доғлар нақшлари ва қўпол жигарранг буришмалар пайдо бўлади. Доғларнинг жойлашиши кўпроқ мева банди атрофида кузатилади.
Шунингдек, яшил чизиқлар ва жигарранг доғлар пайдо бўлиши мумкин. Зарарланган мева жигарранг, сариқ, қизил ва яшил рангли, турли таъсирлар туфайли нотўғри шаклланган ёки рангсиз ҳолатга келади.
Булғор қалампири меваларида ҳам шунга ўхшаш аломатлар мавжуд, аммо уларда яшил буришмалар бўлиши мумкин. Ушбу вирус таъсири натижасида мевалар ўзининг бозорбоплик хусусиятини йўқотади.
Ушбу вирус ўсимликнинг бошқа қисмларида ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, гул косачасида сариқ-яшил доғлар пайдо бўлишига олиб келади. Турли хил доғлар гулбарг, косачабаргда жароҳат ҳосил қилади.
Касаллик уруғлар, чанглатувчи ҳашоратлар, ишлаётган ишчиларнинг устки ва оёқ кийимлари, қушлар ҳамда асбоб-ускуналар орқали тарқалади. Вируслар ўз фаоллигини кўп вақт йўқотмаслик хусусиятига эга.
ToBRFV вирусига қарши қандай курашиш мумкин?
1) Экинларни доимий ва ҳар томонлама назорат қилиш
2) Кўчат етиштиришда экиш аралашмасини дезинфекциядан сўнг ишлатиш.
3) Энг ишончли қарши кураш: сотиб олаётган помидор ва қалампир уруғларининг ToBRFV вирусига қарши чидамли эканлигини текшириб олиш.
Меваларга ишлов беришда қўлқоп кийиш, уларни тез-тез алмаштириш керак. Бу ўз навбатида вирус тарқалишининг олдини олади.